Энди беморлар пойтахтга бориб овора бўлишмайди
03.04.2021
НОВОСТИ

 Муҳтарам   Президентимиз куни кеча бўлиб ўтган аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширирлаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида “Республика ихтисослашган   марказларнинг вертикал иш тизимини  такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарур”... “Бу борада  Наманган тажрибасини кенгайтириб,  барча беморларни пойтахтга юбормасдан, уларга яшаш жойида  ихтисослашган   тиббий ёрдам олиш имкониятини  яратиш кераклигини” алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
   Айни кунларда вилоятда бу борада изчил иш олиб бориляпти. Бугун   Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига РШТЁИМнинг жарроҳлик ва трансплантология бўлими ҳамда Тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш  маркази шошилинч тиббий ёрдам кафедрасининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларидан иборат  етук мутахассислар  ташриф буюрди.  Дастлаб, улар  филиалда  шаҳар ва  туманларидан таклиф қилинган шошилинч тиббий ёрдам бўлимидаги жарроҳлар учун  касбий малакаларини оширишга бағишланган сайёр цикл ўқув машғулотлари ташкиллашди. Бир пайтнинг ўзида эса назарий ва амалий билимлар уйғунлаштирилди. Чунончи, шошилинч жарроҳликка муҳтож беморларга  ёрдам кўрсатишнинг долзарб вазифалари хусусидаги мазкур семинарнинг энг аҳамиятли томони шунда бўлдики,  муассасада ана шундай беморлар саралаб олиниб, пойтахтлик ва маҳаллий шифокорлар  биргаликда жарроҳлик амалиётларига киришишди.
   РШТЁИМнинг шошилинч жарроҳлик ва трансплантология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, ТХКМРМ шошилинч тиббий ёрдам кафедраси профессори Фарҳод Хаджибаев, РШТЁИМ  бош врач ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Дилмурод Пўлатов, жарроҳлик трансплантологияси бўлими бошлиғи Дилшод Эргашев, анестезиолог-реаниматолог Фарҳод Сиябаев, операция блоки бош ҳамшираси Лилия Раҳимова ҳамда ТХКМРМ доценти  Равшан Мадиев, мазкур муассаса реанимация блоки бошлиғи  Бекзод Акиловлар  “Маҳорат дарс”ларида илмий амалий ёрдам кўрсатишиб, янгиқўрғонлик Дилором Азимовада “Қорин олди девори вентрал чурраси билан аллапластика”,  Наманган шаҳрида яшовчи Эъзоза Бурхоновада эса “Лапаратом холецистэктомия” сингари шошилинч мураккаб жарроҳлик   амалиётларини бажаришди. Дардманд аёлларни ҳасталикдан халос этишди.


-    Вилоятнинг чекка ва олис туманларида ҳам тиббий кўрикларни ўтказишни режалаштирганмиз, - дейди  тиббиёт фанлари доктори Фарҳод Абдуҳакимович. - Айниқса “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган кам таъминланган,  эҳтиёжманд беморларнинг хонадонларига бориб, тиббий текширувлардан ўтказамиз.  Зарур ҳолатларда, эса режали ва шошилинч операцияларни бажарамиз. 
    Албатта, энди наманганлик беморларнинг пойтахтга бориб овора бўлишларига асло ҳожати қолмади. Энг ноёб турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоят марказида, қолаверса туманларда ҳам ташкилланяптики, бунда пойтахтдаги ихтисослашган марказларнинг амалий ёрдамлари қўл келаётир. Ҳамкорлик ижобий самараларини бериш билан бирга беморларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлмоқда. 
     Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда тиббий ходимлар  касбий малакасини ривожлантириш маркази шошилинч тиббий ёрдам кафедраси ўқитувчилари бир ой давомида вилоятнинг барча туманларида  сайёр цикл ўқув машғулотларини олиб борадилар. Олисда яшовчи беморларда ноёб турдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Тажриба алмашинади, малакалар мукаммаллаштирилади. Энди Наманганда нафақат беморлар, балки мутахассисларимиз пойтахтга бориб вақт йўқотишмайди.


Тошкентликолим-шифокорлар эртага Поп ва Учқўрғон туманлари тиббиёт муассасаларига боришиб, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун амалий ёрдам кўрсатишади.

Манзура ЭРГАШЕВА

© 2017 Ассоциация врачей экстренной медицинской помощи Узбекистана

Разработка сайта

ООО PHOENIX SYSTEMS